Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 4-5 апрель кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди. Давлат ташрифининг асосий тадбирлари 5 апрель куни бўлиб ўтди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрининг Александр боғидаги “Номаълум аскар” ёдгорлигига гулчамбар қўйди. Шу йилнинг 3 апрель куни Санкт-Петербург метросида терроризм ҳаракати содир этилиб, инсонлар ҳалок бўлди. Давлатимиз раҳбари улар хотирасини ёдга олиб, шу ердаги «Ленинград – қаҳрамон шаҳар» ёдгорлиги пойига гул қўйди. Кремлда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Россия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. Президентларнинг тор доирадаги учрашувида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш масалалари, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилинди. Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи хусусида фикр алмашилди. Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Москвага давлат ташрифи билан қутлаб, ушбу ташриф томонларни қизиқтирган масалаларни муҳокама этиш учун қулай имконият эканини қайд этди. – Ўзбекистон билан ҳамкорликни янги босқичда давом эттириш биз учун катта аҳамиятга эга, – деди Россия Президенти. – Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўп, уларни ишга солишдан икки томон ҳам манфаатдор. Шавкат Мирзиёев мазкур учрашув давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлашда муҳим қадам бўлишини қайд этди. – Аввало, 3 апрель куни Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа муносабати билан Сизга ва Россия халқига чуқур ҳамдардлик билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик юксак ишонч ва ўзаро ҳурмат асосида ривожланмоқда. Турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамлакатларимиз кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришдан бирдек манфаатдор эканининг тасдиғидир. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрганингиз учун яна бир бор миннатдорлик билдираман. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокараларни давом эттирдилар. Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани давлатлараро муносабатлар юксак даражада ривожланаётганидан далолат беради. Ўзбекистон ва Россия раҳбарларининг бу галги учрашуви мамлакатларимиз ўртасидаги манфаатли мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлди. Музокараларда савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм, меҳнат мигрантларига муносиб шароитлар яратиш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Россия халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки мамлакатнинг ташқи сиёсат, ташқи савдо, мудофаа маҳкамалари ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон – Россия муносабатларида савдо-иқтисодий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. 2013-2017 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2015-2019 йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига оид ҳукуматлараро битимга мувофиқ бу соҳадаги алоқалар изчил тараққий этмоқда. Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бири. Ўзбекистон Россияга табиий газ, транспорт воситалари, қора ва рангли металлар, трикотаж, пахта толаси, мева-сабзавотлар, турли хизматлар экспорт қилади. Россия мамлакатимизга транспорт воситалари, кимё ва қоғоз саноати товарлари, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. Ўзбекистонда россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 961 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатимизда Россиянинг 64 фирма ва компанияси ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ҳудудида ўзбекистонлик ҳамкорлар билан 569 тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги вақтларда қишлоқ хўжалигида бу кўрсаткич икки баробар ўсган. Очиқ ва дўстона руҳда ўтган музокараларда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, уни янги босқичга кўтариш борасида фикр алмашилди. 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома доирасида изчил ривожланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Икки мамлакат ҳам ёнилғи-энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Бу мазкур йўналишдаги ҳамкорлик ривожида муҳим ўрин тутмоқда. Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» компаниялари мамлакатимиздаги углеводород конларини қидириш ва ўзлаштиришда фаол иштирок этмоқда. 2016 йилда Бухоро вилоятида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси билан «Лукойл» компанияси ҳамкорлигида Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Дунёдаги етакчи энергетика компанияларидан бири бўлган «Газпром» Ўзбекистонда геология-қидирув ишлари олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, табиий газни экспортга етказиб беришда фаол иштирок этмоқда. Устюртда ўтказилган геология-қидирув тадқиқотлари натижасида «Жел» газ конденсати кони очилди. «Шахпахти» кони биргаликда ўзлаштирилмоқда. Ҳозиргача у ердан 3,5 миллиард куб метр газ қазиб олинди. Ўзбекистон автомобиллари Россияда доим харидоргир. “Matiz”, “Nexia” каби машиналаримиз бу ерда бир неча бор йилнинг энг яхши автомобили, деб топилган. 2016 йилда ушбу мамлакатда янги бренд остидаги “Ravon Gentra” автомобили савдоси ўсган. Серқуёш заминимизда етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотларига дунё бозорида талаб юқори. Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу маҳсулотлар экспортини янада оширишга мустаҳкам замин яратди. 2016 йил якунларига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 398 миллион долларга етган. Музокарада мамлакатимизда етиштирилган мева ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини кўпайтириш ва турини кенгайтиришга келишиб олинди. Ҳукуматлараро ва идоралараро алоқалар қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йил 15 февралда Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Россия ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга доир масалалар муҳокама қилинди. Мамлакатларимизда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали тўла фойдаланилмаётган имкониятлар кўплиги, уларни ишга солиш икки томон учун ҳам манфаат келтириши таъкидланди. Музокараларда тиббиёт, илм-фан, таълим, маданият, спорт ва туризм соҳалари бўйича ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон ва Россия тиббиёт фани ва таълимини ривожлантириш, клиник, профилактик, экспериментал кардиология соҳаларида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси ҳукумати Раиси Дмитрий Медведев билан ҳам учрашди. – Ўзбекистон Россиянинг энг ишончли ҳамкорларидан бири, – деди Дмитрий Медведев. – Икки давлат турли соҳаларда ишончли ҳамкорлик қилиб келмоқда. Сизнинг ташрифингиз давомида жуда катта лойиҳалар бўйича келишувларга эришиш кўзда тутилган. Ташрифингиз давлатларимиз ҳамкорлигида янги саҳифа очишига қатъий ишонаман. – Санкт-Петербургда рўй берган машъум воқеа оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Терроризм чегара билмайдиган хавфдир, шу боис унга қарши барча кучларни бирлаштирган ҳолда курашиш лозим. Президентимизнинг ушбу ташрифи ўзаро алоқаларни янги босқичга кўтариш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имконият экани таъкидланди. – Бугунги мулоқотларимиз кўп соҳалардаги ҳамкорлигимизда янги даврни бошлаб беришига ишонаман, – деди Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон билан Россиянинг маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорлиги ҳам изчил ривожланмоқда. Икки давлат халқлари бир-бирининг адабиёти ва санъатига ҳурмат билан қарайди. Москва шаҳрида буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали қад ростлаган. Тошкент шаҳридаги Пушкин ҳайкали ўрнатилган майдон пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг севимли масканларидан биридир. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи арафасида Москвадаги А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида мамлакатимизнинг И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи экспонатлари кўргазмаси очилди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ушбу кўргазмага ташриф буюрдилар. «Саҳродаги Лувр» номини олган И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи ўзининг бебаҳо экспонатлари билан дунё санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган. Музейда графика, ҳайкалтарошлик, тасвирий ва амалий санъат намуналари, турли археологик топилмалар, этнография буюмлари, қадимий суратлар, тарихий ҳужжатлар сингари юз мингга яқин нодир экспонат жой олган. Ана шундай буюк меросни йиғиб қолдирган олим И.Савицкий 2002 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. А.Пушкин номидаги тасвирий санъат музейида намойиш этилаётган ноёб экспонатлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи якунлари бўйича қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Қўшма баёнотни имзоладилар. Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик, меҳнат фаолиятини вақтинча ташкил этиш, соғлиқни сақлаш,тиббиёт таълими ва фани, туризм, қурилиш, нефть-газ, кончилик, металлургия, банк-молия, божхона, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар очиқлик, ўзаро ишонч ва амалий руҳда ўтганини таъкидладилар. Ташриф асносида эришилган келишувлар, имзоланган 16 миллиард долларлик 50 дан ортиқ ҳужжат Ўзбекистон ва Россия тараққиётига, икки мамлакат халқларининг фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Президентимизнинг давлат ташрифи ва унинг доирасидаги тадбирлар Россия телерадиоканаллари, газеталари, интернет нашрлари орқали кенг ёритиб борилди. Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга давлат ташрифи якунига етди. Бўлиб ўтган музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари ва истиқболлари белгилаб олинди. Тарихий аҳамият касб этган ушбу ташриф Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқади.
Ўзбекистон – Россия ҳамкорлигида янги уфқлар очган тарихий ташриф
- Қўшилди: 06.04.2017
- Чоп этиш
- Кўришлар: 2726